ОЛТИ БУЮК МУҲАДДИС
Аннотация
Муҳаддислар султони имом ал-Бухорийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардизбаҳ[1] ал-Бухорий ал-Жуъфий[2] бўлиб, у шайхул-ислом ва имомул-ҳуффаз номлари билан машҳур бўлган. Шунингдек, у ҳадисда муъминларнинг амири унвонига сазовор бўлган. Муҳаммад ал-Бухорий ҳижрий 194 йил 13-шавволда/милодий 810 йил 20-июлда жума куни Бухоро шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келди. Шунинг учун, унга ал-Бухорий сифати берилган. У ўрта бўйли, озғиндан келган, буғдой рангли одам бўлган. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг бобоси Бардизбаҳни ал-Аҳнаф исми билан атаганлар. Аҳнаф бу энг ақлли, доно кишиларга берилган нисбатдир.
[1] «Таҳзиб ал-Асмои вал-Луғоти» 1-жилд 67-бетда айтилишича, ал-Амир Абу Наср ибн Мокула «Бардизбаҳ» деб қайд қилган. Унинг таъкидлашича, бу бухорича исм бўлиб маъноси қишдоқ хўжалиги билан шуғулланувчи одам, яъни деҳқон. «Вафоётул Аъян». 4-жилд. Б. 190.
[2] Ал-Хотиб ал-Бағдодий «ат-Тарих» китоби 2-жилд 6-бетда келтирилишича, Муҳаммад ал-Бухорийнинг бобоси Бардизбаҳ мажусий бўлган. Ал-Муғийра ибн Бардизбаҳ Бухоро волийси Яман ал-Жуъфий(асл исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Яман ал-Муснадий ал-Жуъфий) далолати билан ислом динини қабул қилган. Шунинг учун, Муҳаммад ал-Бухорийга ал-Жуъфий сифати берилган.